Ҳаж сафаридан Россияга қайтган бир гуруҳ мусулмон Москвада ҳибсга олинди. Останкино полиция бўлимига олиб келинган муҳожирларнинг аксари Россия фуқароси бўлишига қарамай, бир неча соатлик текширувдан сўнг қўйиб юборилди. Полициянинг бундай таҳқиромуз ҳаракатига бирор изоҳ берилмагани маҳаллий мусулмонлар норозилигига сабаб бўлмоқда.
2 октябр куни Россия пойтахтининг Останкино туманидаги ибодатхонадан жума намозини ўқиб чиққан бир гуруҳ мусулмонни кўчада қуролланган ОМОН ва полиция ходимлари кутиб олди.
Воқеа тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов ушланган диндорларнинг аксари ҳаж амалиётидан қайтаётган камчаткалик мусулмонлар эди, дейди.
- Останкинодаги доимий фаолият юритиб келган ибодатхомиздан чиққанимизда ҳамма томондан омончилар ўраб олганини кўрдик. Улар ҳар бир чиқаётганнинг паспортини текшира бошлади. Паспорти йўқларни дарҳол иккита темир панжарали автозак-автобусга юклаб юборишди. Қизиғи, паспорти бўлганларни жойида қўйиб юборишди, ҳайдовчилик гувоҳномаси, нафақа картаси ёки давлат томонидан берилган шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларга қарашни ҳам истамади! Паспорти йўқ россиялик диндорлар билан бирга барча хорижликлар ҳам автозакларга чиқарилди. Булар қаторида мигрантлар ва Ҳаждан кеча қайтиб келган ҳамда Камчаткага кетаётган биродарларимиз ҳам бор эди, - дейди Нафиғулла Аширов.
Ещё видео!