Ўзбекистон Биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага берилган қамоқ муддати яна бир марта узайтирилган.
Бу ҳақда унинг Лондонда яшаëтган қизи Имон Каримова ўз Instagram саҳифасида ëзди.
Айни пайтда Имон Каримова қамоқ муддатининг қачон¸ ким томонидан¸ қанчага узайтирилгани ҳақида маълумот бермади.
“Гражданлар ва журналистлардан тушаëтган саволлар оқимининг кучайиши муносабати билан командамиз Гулнора Каримовага қарши сиëсий мотивларга асосланган ишга оид тўлиқ маълумотларни эълон қилишни бошлайди”¸ деб тақдим этди 3 декабрь кунги сўнгги постини Имон Каримова.
Унинг иддаосича¸ Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовани “айбловлар остида чўктириш” учун ноқонуний методларни ишга солмоқда ва эълон қилинадиган тафсилот ва фактлар ана шу усулларни фош қилишга қаратилади.
Имон Каримовага кўра¸ бораëтган терговнинг бош мақсади Ўзбекистондаги барча иқтисодий ва ижтимоий муаммолар учун Гулнора Каримовани айблашдир.
"Бу Ўзбекистон ҳукуматининг Каримова қамоқ жазосини бешинчи марта узайтиришидир"¸ деган Имон "жорий ҳукуматдагилар онасининг ўзларига оид ҳақиқатни ошкор қилишидан қўрқиб¸ уни мутлақ изоляцияда сақлаëтганини" яна бир бор таъкидлайди.
“Яқинда ишга (Гулнора Каримова иши назарда тутилмоқда – таҳр.) “махфий” деган мақом берилди ва бундай қарорга асос бўлган сабабларга мутлақ изоҳ берилмади. Бунинг¸ ҳатто адвокатларнинг ишга оид материаллар билан таниша олмаслиги сабаб илгари сурилиши мумкин ҳар қандай эҳтимолий ҳимояга халал беришини ҳамма тушуниб турипти. Лекин конституцияга мутлақ зид бундай ҳолат биринчи марта бўлаëтгани йўқ. Шу тарзда адвокатлар¸ ҳатто энг яқин қариндошлари ҳам Гулнора Каримованинг иши ва саломатлигига оид маълумотдан мосуво қолди. Сўнгги хабарларга қараганда¸ унинг аҳволи ўта оғир”¸ деб ëзди Имон Каримова.
Ещё видео!