Она тили – бу миллатнинг рухидир
Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ҳар бир элат, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.
Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида Президент Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди.
Ҳали Ўзбекистон Иттифоқ таркибида бўлган, халқнинг миллий маданияти ва маънавиятини асраш у ёқда турсин, бу мавзуни кўтаришнинг ўзига миллатчилик сифатида қаралган бир пайтда бундай қарорнинг қабул қилиниши том маънода жасорат эди.
Айнан Ислом Каримовнинг сиёсий иродаси, шижоати ва қатъияти туфайли тарихимизнинг, миллий қадриятларимизнинг тикланишида, ўзлигимизни янада чуқурроқ англашимизда муҳим омил бўлган мазкур лойиҳа амалга оширилди.
Ислом Абдуғаниевич тилшунос олимлар, адабиётшунослар, тарихчилар, ёзувчи ва шоирлар давлат арбоблари, қаторида қонун лойиҳаси муҳокамаларида бевосита иштирок этиб, ҳужжатнинг ҳар бир банди бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирган.
Бу қонун билан ўзбек миллатининг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган муҳим омил, яъни тилнинг мақоми ҳуқуқий мустаҳкамланди. Мазкур ҳуқуқий асос орқали янги шаклланаётган давлатнинг, ҳукуматнинг, унинг янги раҳбарининг элга, юртга нисбатан эътибори, эҳтироми намоён этилди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди.
Ўзбек тилини бойитиш ва такомиллаштиришга доир кўплаб илмий изланишлар, лойиҳалар олиб борилмоқда, турли соҳаларга оид луғатлар, илмий рисолалар мунтазам нашр этилмоқда.
21 октябрь куни ушбу санага бағишланган байрамона тадбирлар мамлакатдаги барча шаҳар ва туманларда ташкил этилди.
Ещё видео!