Дунёда мусулмон давлатлари кўп. Аммо, афсуски, уларнинг орасида уйғурларнинг тақдири юзасидан Хитойга расман норозилик билдирганлари деярли йўқ.
Уйғурларни қўллаётган асосан айрим Ғарб давлатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бўлиб турибди...
Уйғур зиёлисининг бу каби фикрлари Хитой ҳукуматининг мусулмон озчиликларга нисбатан “кучайиб бораётган тайзиқона сиёсати” манзарасида янгради.
Яқинда Би-би-си Хитой Шинжонда маҳаллий мусулмонлар учун йирик ҳибс жамлоқлари тармоғини қураётганига оид янги далилларни қўлга киритган.
Экспертлар орасида улардан бири “дунёдаги энг йирик ҳибс марказларидан бири” бўлиши мумкинлигига оид хавотирлар ҳам янграган.
Ўтган йил август ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус қўмитаси ушбу масалага эътибор қаратган.
Ўшанда Шинжонда уйғурлар дохил бир миллионга яқин мусулмоннинг ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги тилга олинган.
Уларнинг махсус дастурлар асосийда “қайта таълим”дан ўтаётганликлари айтилган.
Аммо расмий Пекин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари томонидан янграган бу каби даъволарни рад этган.
Хитой томони бу жамлоқларнинг терроризм хавфи билан курашиш мақсадида ташкил қилинганини даъво қилган.
Аммо сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар ва бу каби жамлоқлардан омон чиқишга муваффақ бўлган айрим мусулмонларнинг иқрорлари уларнинг қамоқхонага ўхшаш махфий иншоотлар эканига далолат қилган.
Ҳозирча бирор бир инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти бу каби жамлоқларга кириш, уларни яқиндан ўрганишга муваффақ бўлган эмас.
Таниқли уйғур ҳофизи Абдураҳим Ҳайитнинг айни шу жамлоқлардан бирида “вафот этган бўлиши мумкин”лигига оид куни-кеча ўртага чиққан хабар яна ушбу мавзуни халқаро миқёсда кун тартибига олиб чиққан.
Хитой давлат матбуотининг ҳофиз тирик эканига оид раддиявий мазмундаги хабарлари ҳам мазкур жамлоқлар ва у ердаги маҳбусларнинг тақдирларига оид қайта бўй кўрсата бошлаган хавотирларни боса олмаган.
Таниқли уйғур зиёлиси Абдураҳим Ҳафизов билан Бишкекда мустақил журналист Шоҳруҳ Соипов суҳбатлашган.
Суҳбатимизни кўринг, тингланг, маъқул деб топсангиз улашинг ва ўз фикрларингизни билдиринг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek
Ещё видео!