Сэр Алан Дункан Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистондаги ислоҳотлардан кўпроқ нарсалар кутилаётгани ва яқин орада Би-би-си Ўзбек хизматига аккредитация берилишига умид билдирди.
2016 йили Ўзбекистондаги сайловларда Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг Буюк Британия Ташқи Ишлар вазири ўринбосари Алан Дункан у билан учрашган илк ғарблик сиёсатчилардан эди.
Би-би-си билан суҳбатда жаноб Дункан Ўзбекистондаги ўзгаришлардан ва гувоҳ бўлаётган жараёнлардан хушбин эканини билдирди.
У жумладан, Ўзбекистонда қийноқларга барҳам бериш йўлида киритилган қонунлар, матбуот эркинлиги соҳасидаги баъзи илгари силжишлар тўғри йўналишда кетаётганлигини айтди.
"Жаҳонда бўлаётган ўзгаришларга назар ташлаб, бу ўзгаришларни қабул қилиш Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятининг таркибий қисмига айлантиради", деди у.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар суръати не қадар қониқарли эканлиги ҳақида сўралганда, Алан Дункан ҳар бир мамлакатнинг ўз ривожланиш суръати мавжудлиги ва мана шу доирада ўзгаришларни кутиш мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди.
"Албатта ўзгаришлар тезроқ бўлиши керак, деб ҳамиша айтишимиз мумкин. Лекин асосийси шуки, ўзгаришлар тўғри йўналишда кетмоқда. Шунинг учун ҳозирда биз "яшанглар, худди шундай давом эттиринглар, биз сизни қўллаймиз", деб айтамиз", дея илова қилди у.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан сайловлардан икки кун ўтиб, юз берган учрашувини эслар экан, жаноб Дункан унинг ўта "хушмуомала, очиқ ва суҳбатлашиш учун осон шахс" сифатида таассурот қолдирганлигини айтди.
"Унда ортиқча кибр йўқ эди. Ўзини жуда табиий ва самимий тутарди. Собиқ Бош вазир Маргарет Тетчернинг Михаил Горбачёв ҳақида айтган сўзлари бор эди. "Бирга ишлаш мумкин бўлган шахс" деганди. Мен жаноб Мирзиёев ҳақида худди ана шундай фикрга келдим".
Би-би-си Ўзбек Хизматининг анчадан бери Ўзбекистонда фаолият юритиш учун аккредитация кутиб турганлиги ва минтақадаги информацион саҳнада ўйнаши мумкин бўлган роли ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Британия Ташқи Ишлар вазири ўринбосари Би-би-си албатта ўз муштарийларига бевосита хабар етказиш имконига эга бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
"Би-би-си томонидан бериладиган ишончли ва холис хабарларни ола билиш имкони жуда муҳимдир. Бунинг учун эса Тошкентда Би-би-си ўз идорасига эга бўлиши жуда фойдали бўлур эди".
Жаноб Дунканнинг айтишича, Би-би-си ваколатхонасини очиш масаласини Ўзбекистон раҳбарияти билан илк учрашуви вақтидаёқ кўтарган ва ҳозирга қадар Би-би-сига аккредитация берилмагани таассуфли ҳолдир.
"Биз бу борада ҳаракатларимизни давом эттирамиз, сиз ҳам уринишларингизни тўхтатманг. Умид қиламанки, бир кун келиб, Ўзбекистонда Би-би-си бюросини кўрамиз",- дея рағбатлантирди Алан Дункан.
Ўзбекистон Президентининг яқин орада Буюк Британияга сафар билан келиш режалари ҳақида сўралган вақти, жаноб Дункан яқин келажакда Британия томонидан бу каби таклиф кўриб чиқилиши эҳтимоли йўқ эмаслигини тилга олди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: [ Ссылка ]
Ещё видео!