Россия Меҳнат вазирлиги 2020 йилда меҳнат муҳожирлари ишлашига рухсат бериладиган соҳалар сонини янада камайтиришни режалаштирмоқда. Ҳукумат мигрантларга ҳеч қандай чекловсиз фақат қурилишда ишлашга рухсат берган.
Айни пайтда Россия ҳукумати мигрантларни ишга ёллаётган корхоналарга енгиллик яратувчи бошқа бир қонун лойиҳасини тайёрлаётгани маълум бўлди.
Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига қараганда, бу мамлакатда ишга рухсатнома асосида ишлаётган мигрантларнинг деярли ярми ўзбекистонликлардир.
Аксилмигрант қонун лойиҳаси
2020 йилдан Россияда хорижлик ишчилар аптекаларда, озиқ-овқат ва саноат моллари дўконларида ҳамда бошқа савдо объектларида сотувчи лавозимида ишлаши кескин чекланади. Мигрантлар бозорларда сотувчилик қилиши мумкин, бироқ бозорлар ташқарисида савдо-сотиқ билан шуғулланишга тақиқ қўйилади.
Россия Меҳнат вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасига кўра, мамлакат бўйлаб яна қатор соҳаларга хорижликларни жалб қилиш тақиқланади. Масалан, алкогол ва тамаки маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконларда мигрантлар сони сотувчилар умумий миқдорининг 15 фоизидан ошмаслиги, йўловчи ташувчи автобус ва енгил машиналарда ва юк ташувчи автотранспортда мигрантлар умумий ишчилар сонининг 26 фоизидан ошмаслиги лозим қилиб белгиланиши мумкин.
Меҳнат вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳаси Давлат думасига жорий ойда тақдим этилди. Қонуннинг қачон қабул қилиниши ҳозирча номаълум.
Сўнгги йилларда миграция оқимини қисқартириш ва қатъий назоратга олиш истагини билдираётган Владимир Путин ҳукумати ўзбек ва тожик муҳожирларига фақатгина энг оғир ва кўп ишчи кучи талаб қилинадиган қурилиш соҳасида ҳеч қандай чекловларсиз ишлашга рухсат бермоқда.
2020 йилда қурилиш ишларига Амур вилояти, Бурятия ва Москва шаҳрида ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиш мумкин.
2018 йилдан буён Россияда ишга рухсатнома – патент олувчи ўзбек мигрантлари сони кўпайиб бораётганига қарамасдан, улар ўтказаётган маблағлар миқдори камайиб бораётгани тегишли идоралар томонидан қайд этилмоқда.
Ещё видео!