Мавлид” арабча сўз бўлиб, туғилиш, туғилган жой ва туғилган вақт маъноларини англатади. Биз мусулмонлар, мавлид деганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган ойларини назарда тутамиз.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган саналарини Ибн Исҳоқ Фил йилида Рабиъул аввал ойининг 12 куни, душанба; Маҳмуд Пошо Фалакий эса астрономик ҳисоб билан милодий 571 йилнинг 9 рабиъул аввал, душанба куни деб кўрсатган.
Мавлид шариф тарихи
Тарихчиларнинг таъкидлашича, мавлидни биринчи бўлиб фотимийлар (909–1171) нишонлаган. Кейинроқ Айюбийлар давлатида Ирбил шаҳри амири Амир Музаффариддин Абу Саид Кўкбўри ибн Зайниддин Али ибн Табуктекин (1153–1232) байрам қилиб белгилаган. Амир Музаффариддин мавлид байрамини ўтказиш учун алоҳида эътибор қаратар ҳамда жуда ҳам катта маблағ сарфлар эди. Манбаларда келишича, амир томонидан мавлид байрамини ўтказиш учун уч юз минг динор сарфланган. Байрамнинг нишонлаш арафасида Ирбил шаҳрига туташ бўлган шаҳарлар, Бағдод, Мосул ва бошқа жойлардан фақиҳлар, тасаввуф олимлари, ўткир воизлар ҳамда шоирлар таклиф қилинарди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг туғилган кунлари борасида ихтилоф борлиги учун ҳам байрам асосан рабиъул аввал ойининг саккизинчи ва ўн иккинчи кунлари бўлиб ўтган
Усмонийлар давлатида ҳам мавлид байрами кенг миқёсда нишонланган. Таҳтга Абдулҳамид II сайланганидан кейин мавлид байрамини нишонлаш фақатгина “Жомеъул Ҳамийдий” деб номланадиган катта масжидда ўтаказиладиган бўлди. Усмонийлар мавлидни Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни ўтказадилар. Давлат аъёнлари, уламолар ва бошқа жойлардан таклиф қилинган меҳмонлар катта жомеънинг олдида султонни кутиб туришар, Султон жомеъга ташриф буюрганидан кейин барча масжидга кириб, мавлид байрами бошланарди. Байрам Қуръон қироати билан бошланиб, сўнгра Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни дунёга келишлари борасида қиссалар ўқилар ва ундан кейин “Далоилул Хойрот фи солати ъалан Набий” номли китоб йиғилганларга ўқиб берилар эди. Сўнга зикр ҳалқалари ташкил қилиниб, баланд овозда салавотлар айтилар эди.
Ещё видео!