Бугун АОКАда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убуйдуллаева иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда муҳим саволларга жавоб қайтарилди:
〰️〰️〰️〰️〰️
Болада аллергия касаллиги мавжуд бўлса ҳамда бўғилишлар кузатилса, бундай болаларда коронавирус қандай кечади?
Илк ёшдаги болаларда коронавирус касаллиги симптомларсиз, улардан каттароқ, яъни 12 ёшгача бўлганларда касаллик кечуви жуда ҳам енгил кузатилиши борасида аниқ маълумотлар мавжуд.
Лекин организмида ёндош бошқа касалликлари бўлган болаларда ёки аллергияси мавжуд бўлса, шунингдек оддий шамоллаш даврида ҳам бўғилиш ҳолатлари кузатилса, бундай болаларда коронавирус ўрта оғирликда ёки оғирроқ кечиши мумкин.
Аллергия — коронавирус организмга тушганидан сўнг, организмда жароҳатланиш ва касаллик қўзғаш хусусиятини кенгайтиради ҳамда касаллик кечувини кучайтиради.
〰️〰️〰️〰️〰️
Менда нафас қисиши, баъзан йўтал ва енгил терлаш бор. Иситмам йўқ. Бу симптомлар бир ойдан бери давом этмоқда. Умумий аҳволим қониқарли. Бу коронавирус белгиси бўлиши мумкинми?
Бугунги кунга келиб дунё олимлари коронавирус инфекцияси билан касалланганда симптомлар ва уларнинг босқичлари, яъни симптомлар кетма-кетлигини тасдиқлашди.
Ушбу рўйхатга кўра, коронавирус инфекцияси тана ҳарорати кўтарилиши, йўтал ва нафас қисиши, ҳолсизлик ва дармонсизлик, шунингдек, мушак ва бўғимлардаги оғриқ билан намоён бўлади, баъзи одамлар ҳид ва таъм билиш ҳиссини йўқотишади.
Шунингдек, касалликнинг давомийлиги симптомсиз, енгил, ўрта, оғир ва жуда оғир кечишига боғлиқ.
Сизнинг ҳолатингизда касаллик аломатлари кузатилмаяпти. Коронавирус бир ой давомида ўрта ва оғир даражадаги беморларда давом этиши мумкин, лекин бунда юқори ҳарорат, йўтал ва нафас қисилиши белгилари бўлади. Сизнинг ҳолатингизда бу белгилар коронавирус инфекцияси эмас.
〰️〰️〰️〰️〰️
Ишлаб чиқилаётган вакциналар жуда кўп ножўя таъсирга эга ва сурункали касаллиги бўлган беморларга мумкин эмас экан, деган гапларни эшитяпмиз. Аслида, айнан сурункали касалликлари бор бўлган беморлар вакцинация қилиниши керакмасми?
Россия Федерацияси томонидан ишлаб чиқилган вакцинанинг таркиби ва қўллаш тартиби очиқ эълон қилинган.
Ундаги маълумотларга кўра, вакцинацияга бўлган қаршиликлар бошқа вакцинацияларга бўлган қаршиликларга ўхшаш. Яъни касалликларга қарши эмлаш нафақат ўткир шамоллашлар ва бошқа касалликлар ҳам авж олган даврида, балки вакцинанинг таркибидаги маълум бир воситасига нисбатан аллергик реакция бўлса ҳам, эмлаш ўтказилмаслиги белгиланган.
Лекин юқорида келтирилган касалликларни ўткир даври ёки авж олган даври ўтганидан сўнг эмлаш тавсия этилади. Шу билан бирга, вакцинациядан сўнг келиб чиқиши мумкин бўлган вақтинчалик ножўя таъсирлар мавжуд бўлиб, улар енгил ўтиши мумкин деб белгиланган.
Сурункали касалликларга тўхталадиган бўлсак, вакцина — кучсизлантирилган вирус бўлгани боис, сурункали касалликлари бор беморларда эҳтиёткорлик билан эмлаш кераклиги белгиланган. Яъни, агарда эмланаётган шахсларда сурункали касалликлари бўлса, улар шифокор назоратида бўлишлари талаб этилади.
〰️〰️〰️〰️〰️
Опамда коронавирус белгилари барчага ўхшаш енгил кечса-да, негадир жуда кўп бош айланиши кузатилди. Коронавирус билан касалланганларда бош айланиши сабаби нимада?
Бош айланиши аслида бошқа касалликларга ҳам хос синдром ҳисобланади. Мазкур аломат айнан коронавирусга хос эмас.
Опангизда бош айланиши билан кечадиган касалликлари мавжуд бўлган бўлса, коронавирус ўша касалликларни кучайтирган бўлиши мумкин.
Бош айланиши — қон босими, бош мия қон босими ва турли хил бошқа касалликларга ҳам хос хусусият бўлиб, бу ҳолатни ўтказиб юбориш яширин кечиши мумкин бўлган касалликларнинг ривожланишига олиб келади.
Опангиз касалликдан тузалгандан сўнг поликлиникага чиқиб, тор мутахасисслар ва махсус текширувлардан ўтишлари керак.
Ещё видео!