“Қанийди шулар учун элчихоналар очилса. Консулликлар очилса. Ёрдам қўлини чўзса. Улар ҳам одамларга ўхшаб яшарди. Одамларга ўхшаб, ҳаққини ундириб олар эди. Қани энди шунақа ишлар бўлса. Мен юз фоиз қўшиламан уларнинг режасига”.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини ислоҳ этишга қаратилган янги фармонига Россиядаги Марказий осиёлик мигрантларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш билан шуғулланувчи фаолнинг муносабати ана шундай бўлди.
Президент Мирзиёев томонидан кеча пайшанба куни имзоланган мазкур фармонда эса, “консуллик муассасалари фаолиятида кўрсатилаётган давлат хизматларининг тезкорлик ва сифат даражаси, Ўзбекистоннинг хориждаги жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, оғир шароитга тушиб қолган фуқаролар ёрдам кўрсатиш даражаси қониқарсиз аҳволда қолаётгани” алоҳида эътироф этилади.
Россия дунёнинг энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.
Биргина расмий ҳисоб-китобларнинг ўзида у ердаги ўзбекистонликларнинг сони бир миллиондан ортиши айтилади.
Улар ортга юбораётган маблағ эса, маҳаллий экспертлар хулосасида, йилларки, Ўзбекистон учун “ижтимоий хавфсизлик камари” вазифасини бажариб келади.
Агар, биргина ўтган йили эълон қилинган расмий маълумотларга таянилса, ўзбекистонликлар 9 ойнинг ўзида ватанларига 2.5 миллиард доллардан ортиқ пул жўнатишган.
Аммо, шунга қарамай, меҳнат муҳожирлиги Ўзбекистонда ҳукумат даражасида эътибор топмай келган энг долзарб масалалардан бири бўлган.
Миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд бўлишса-да, бу икки давлат ўртасида бу хусусда яқин-яқингача ҳукуматлараро махсус шартнома амал қилмаган.
Амо президент Шавкат Мирзиёев қудратга келган бир йилдан ортиқроқ вақт ичида Ўзбекистон фуқароларининг Россияда ишлаши учун шароит олдинги йиллардагига нисбатан яхшиланди: марҳум президент Каримов ҳукмронлиги йилларида мигрантлар "дангаса" деб таърифланган, уларнинг муаммо ва қийинчиликларига давлат қизиқмаган.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларининг Россияда қонуний ишлаб пул топишини Россия раҳбарияти билан муҳокама қилди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларнинг Россиядаги бандлиги билан шуғуллана бошлади.
Россияда Ўзбекистон консулликлари сонини оширишга қарор қилинди, дунёнинг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида банд давлатарларида мамлакат миграция ташкилотларининг ваколатхоналари очилиши айтилди.
Хорижга ишлаш учун бораётган ўзбекистонликлар бир йилда бир марта давлатдан 300 минг сўм миқдорида беғараз ёрдам олишлари белгиланди.
“Мен Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ишларига қараб, кўриб туриб, айтаманки, ҳеч йўқ саксон фоиз ишонч бор, шу нарса бўлиши керак”, - дейди суҳбатимиз якунида Санкт-Петербургдан фаол Севара Маннонова.
Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.
Ещё видео!