Фарзандлари хусусий боғча ва мактабларда ўқийдиган ота-оналар даромад солиғидан озод этилади
1 апрелдан нодавлат мактабгача таълим муассасалари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини тасдиқлаш тўғрисидаги президент фармонида 2026 йил якунига қадар мактаблар сиғимини 6,4 миллионгача етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, 2022 йил 1 апрелдан нодавлат мактабгача таълим муассасалари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилиши белгиланмоқда.
Парламент депутати Дониёр Ғаниев Телеграм каналида ёзишича, бу таълим соҳасидаги хусусий сектор ривожланиши ва хусусий таълимга бўлган талаб ортишига катта ижобий туртки бўлади.
«Биринчидан, фуқаролар тўлайдиган солиқларнинг катта қисми бюджет орқали таълимга йўналтирилиши инобатга олинса, солиқдан тушадиган маблағларнинг давлатдан кўра фуқаролар қўлида қолдирилиши бу маблағларнинг таълим учун мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлайди.
Иккинчидан, ҳозир ҳудудларда таълим сифати ва шароити қониқарли хусусий мактаблар нархи ўртача 700 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача (пойтахтда бундан 2 баробаргача қиммат ). Яъни болани хусусий мактабга юбориш харажатининг бир қисмини солиқлардан тежалган 360 минг сўм (3 млн х 12 фоиз) ҳисобига қоплаш мумкинлигини англатади. Бу бир томондан ҳозирда фарзанди хусусий мактабда таълим олаётган оилаларни молиявий томондан қўллаб-қувватласа, иккинчи томондан фарзанди хусусий мактабга бормайдиган ота-оналарни эндиликда хусусий мактабга юборишга рағбатлантиради.
Учинчидан, фарзанди хусусий мактабларда таълим олишини истайдиган оилалар сони ошиши табиийки, хусусий мактабларга бўлган талабни оширади. Талаб ошган жойда эса ўз навбатида таклиф ҳам ошади. Худди мактабгача таълим соҳасидаги каби қисқа муддатларда тадбиркорлар томонидан очилган хусусий мактаблар сони ортиб, хусусий сектор улуши ҳозирги 1 фоизлик ачинарли кўрсаткичдан сезиларли даражада ошишига имконият яратилади.
Тўртинчидан, хусусий мактаблар кўпайиши ўз навбатида таълим соҳасида рақобат муҳитини яратади, фарзандларимизга таклиф этилаётган таълим сифатини оширади. Қолаверса, бу рақобат яхши ўқитувчиларга бўлган талаб ошишига, уларнинг маоши ва ижтимоий мавқейи ортишига сабаб бўлади.
Бешинчидан ва энг асосийси, таълим соҳасида хусусий сектор улуши ортиши ҳамда нисбатан юқори даромад ва молиявий имкониятга эга оилаларнинг фарзандлари хусусий мактабга бориши давлат мактабларига бўлган босимни камайтириб, энг қисқа муддатларда ўқув ўринларига нисбатан ўқувчилар сони мутаносиб бўлишига эришиш имкониятини яратади, деб ўйлайман», дея фикр билдирди депутат.
#maktab #soliq #yangliklar
Ещё видео!