Эрон, Италия ва Жанубий Корея сингари мамлакатлар эпидемия тарқалиши олдини олиш учун курашаётган пайтда коронавирус пандемияси ёки унинг глобал миқёсда тарқаб кетиши билан боғлиқ қўрқувлар кучаймоқда. Шу кунгача Хитойда ушбу вирусдан ўлганлар сони 2700 га яқинлашди.
24 февралда Афғонистон, Ироқ, Баҳрайн ва Кувайт илк марта COVID-19 вирусини юқтирганлар қайд этилгани ва уларнинг барчаси Эрондан келганлар эканини маълум қилди. Вирус ўчоғи бўлмиш Хитойдан сўнг энг кўп ўлим ҳолати ҳозиргача Эронда қайд этилди.
Ярим расмий ИЛНА ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакат марказидаги Қум шаҳрида 50 одам айни вирусдан ўлган, бироқ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ирож Ҳарирчи ушбу маълумотни матбуот конференцияси чоғида рад этди. Расмий иддаосича¸ 61 одамнинг вирус юқтиргани тасдиқланган ва улардан 12 нафари вафот этган.
Айни пайтда¸ Афғонистоннинг Ижтимоий соғлиқни сақлаш вазири Ферузиддин Феруз мамлакат ғарбидаги Ҳирот вилоятида уч одамнинг вирус юқтиргани тасдиқлангани ва Эронга чегарадош вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини билдирди.
Вазир, вирус юқтирган 25 яшар беморнинг Қумдан қайтиб келганини таъкидлади. Теҳрондан 120 километр жанубда жойлашган ушбу шаҳар Эрон ва бошқа мамлакатларда истиқомат қилаётган шиалар учун диний таълим маркази сифатида машҳур.
Ироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам нажафлик талабага ушбу хасталик ташхиси қўйилганини айтди.
Бемор Ироққа ҳукумат чегарани ёпиши ва ироқлик бўлмаганларнинг Эрондан мамлакатга киришини тақиқлашидан олдин кирган, дейилади вазирлик баёнотида.
Форс кўрфазидаги яна бир мамлакат – Кувайт ҳукумати вакили Эроннинг Машҳад шаҳридан ўтган ҳафта эвакуация қилинган 700 кувайтлик орасида 3 одамнинг янги вирусни юқтиргани тасдиқланганини хабар қилди.
Ещё видео!