Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 29-ихтисослашган давлат умум таълим мактабида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди Тўлқин Эшбек, маънавий-маърифий соҳа вакиллари, тил ва адабиёт ўқитувчилари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирок этдилар.
Маълумки, 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди.
Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.
Мазкур қонун ҳамда соҳага оид бошқа ислоҳотлар давлат тилини ривожлантириш ишларининг жонланишига асос бўлди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари тузилмаларида бевосита соҳа ривожи учун фаолият юритувчи маслаҳатчилар лавозими жорий этилгани, энг муҳими, 21 октябрнинг ўзбек тили байрами куни сифатида белгиланиши она тилимиз мавқеини ошириш, уни чинакамига давлат тили мақомига кўтаришда муҳим дастуриламал бўлди.
Бунинг натижасида ўзбек тили бутун дунёдаги тиллар қатори ўз ўрнига, обрў ва мақомига эга бўлди. Эндиликда она тилимиз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграётгани ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишламоқда.
Мактабда ўтказилган "Тил барҳаёт экан – яшайди миллат" мавзуидаги театрлаштирилган бадиий дастур ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Дилдора Муротова,
Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 29-ихтисослашган давлат умум таълим мактаби Маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари
Ещё видео!