Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман - Туркияда айнан шу ойда новвойхоналарга Рамазон пидеси, деган нон чиқади. Бу нон Тошкентдаги ёпган нонга жудаям ўхшаб кетади. Фақат мазаси эмас. Ҳатто кўриниши ҳам. Мен бир йил мобайнида Рамазон ойини ана шу нон учун ҳам жуда интиқлик билан кутаман. Чунки етти йилдан бери Ватандан узоқдаман. Соғинаман. Негадир, шу нонни еганимда, мендаги она юрт соғинчи бироз босилади...
Бу асли ўзбекистонлик, аммо ҳозир Туркиянинг Истанбул шаҳрида докторлик диссертациясини ёқлаш баробарида муаллималик ҳам қилаётган Феруза Шокированинг Рамазон ойида қилган дил изҳорликлари бўлади.
-Рамазон ойида ҳар бир мусулмон мамлакатининг бошқаларига ўхшамайдиган ўз урф-одатлари, анъаналари бор. Лекин она Ватан соғинчи бор. Ҳеч қайси Рамазон ўзининг Ватанида, яқинлари бағрида ўтказилганига тенг келмайди, - дейди у.
Давлатчилиги дунёвий эса-да, аҳолиси қарийб юз миллионга яқинлашиб қолган Туркия Эрон билан бирга Яқин Шарқдаги араб бўлмаган энг катта иккита мусулмон давлатидан биттаси бўлади.
Худди шунинг баробарида Туркия минтақадаги энг ғарблашган мусулмон мамлакати сифатида ҳам кўриб келинади.
Туркия Ўзбекистон билан икки ўртада виза тизими амал қилмайдиган жаҳоннинг иқтисоди ривожланган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.
Агар, Туркия томонининг ўтган йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.
Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.
Туркиядаги рўза ва Рамазон бу гал ўзбекистонлик ўзбеклар нигоҳида.
Кўринг, сиз яшаб турган жойдаги рўза ва Рамазон шукуҳи, кайфияти қандай? Бу ҳақда ёзиб қолдиринг. Раҳмат
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: [ Ссылка ]
Ещё видео!