Президент Шавкат Мирзиёев 23 октябрь куни ҳудудларда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш, озиқ-овқат экинларини экиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳудудий ва ижтимоий дастурларда ичимлик суви таъминоти алоҳида ўрин эгаллайди. Бу борада хизмат сифатли ва доимий бўлиши учун нарх мутаносиблиги муҳим.
Таҳлилларга қараганда, бугунги кунда 1 куб метр ичимлик суви таннархи Тошкент шаҳрида 448 сўм бўлгани ҳолда Наманганда қарийб 3 минг сўмни, Самарқанд ва Навоийда 2 минг 600 сўмни ташкил қилади.
Сув ишлаб чиқариш таннархида электр энергияси улуши республика бўйича ўртача 27 фоиз. Лекин Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич юқори.
Маълумки, юртимизда муқобил энергиядан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида корхона, ташкилот ва аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Лекин, йилига 880 миллион киловатт-соат электр истеъмол қиладиган сув таъминоти корхоналарининг бу борадаги иши сезиларли эмас.
Давлатимиз раҳбари вилоят ҳокимларига ичимлик суви таннархини арзонлаштириш вазифасини қўяр экан, бунда энг катта манба сув корхоналари ишлатадиган электрнинг бир қисмини “яшил энергия”га ўтказиш эканини таъкидлади.
Масалан, ҳозирда сув корхоналари 1 киловатт-соат электрни 900 сўмдан сотиб олаяпти. Қуёш станцияларида ишлаб чиқарилган электр нархи эса ўртача 350-400 сўм, яъни 2 баробардан зиёд арзон. Инвесторларни жалб қилиб, сув иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда қуёш панеллари ўрнатиш мумкин.
Шунингдек, эскирган ичимлик суви насосларини энергия тежамкорига алмаштириш зарурлиги айтилди.
Сув бўйича лойиҳалар қийматини қайта кўриб чиқиш, уларда ишлатиладиган материалларни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди.
Ещё видео!