Убайдулло бор-йўғи 25 ёшда. Оилада саккиз фарзанднинг тўнғичи. Эсини танибдики, каллапазлик қилади. Аммо топиш-тутиши яхши. Ҳозир рўзғор ва тўловлардан ортиб, тўйи учун ҳам пул йиғмоқда.
Бир укасини ўзининг ёнига, емакхонага ишга олган. Яна бири рикша ҳайдайди.
Жаъми 10 жондан иборат оилаларининг тирикчилиги ана шу учовлоннинг топган даромади орқасидан ўтади.
Убайдуллонинг айтишича, оиласининг қўли калталиги сабаб, ўқий олмаган. Аммо бугунги ҳаёти, топиш-тутишидан шикоят қилмайди, мамнун.
Қаҳрамонимиз ҳозир ўттиз кишилик оилавий емакхонани юритади. Қўлида яна ўн киши ишлайди.
Уларнинг ойлик маошлари, емакхонанинг ижара ҳақи ва калла-пойчаси учун қассобга кетадиган пулдан ташқари кунига 70-75 доллар пул ёнига қолади.
Убайдуллога кўра, мижозлари кўп, емакхоналарига кунига юздан ортиқ киши келади.
Бошқа таомларга нисбатан арзон экани боис, улар пишираётган калла-пойчани анчайин ночор одамлар ҳам ўзларига эп билишади. Ҳеч бўлмаганда, шўрвасини олишади. Шу билан қорин тўйдиришади.
Мозори Шарифдаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, сўнгги йилларда шаҳар аҳолиси нисбатан қашшоқлашган.
Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий ёмонлашаркан, анчайин тинч ва обод, деган умидда Мозори Шарифга бош уриб келаётган одамларнинг сони ортган.
Четдан минглаб одамларнинг оқиб келиши шаҳар иқтисодий ҳаётини издан чиқариб, тижорат ва одамларнинг даромадларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаган.
Устига устак, Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош бўлган Балх вилоятининг ўзида ҳам сўнгги пайтларда толиблар фаоллашган, унинг маркази Мозори Шариф қатор қонли ҳужумларга ҳам саҳна бўлган.
Мухбиримизнинг айтишича, худди шу боис ҳам, ҳозир шаҳарда Убайдуллоларникига ўхшаш емакхоналарнинг сони кескин ортган.
Қаҳрамонимиз ҳам бу каби шароитда шу ишини давом этдириш, барча орзу-умидларини бир четга суриб қўйишдан бошқа чораси йўқлигини айтади.
Унинг айтишича, оиласи ўзини яқинда бир қизга унашиб қўйишган, энди тўй учун ҳам пул йиғиши керак бўлади.
Убайдулло билан Мозори Шарифдаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбон суҳбатлашган.
Кўринг, маъқул деб топсангиз улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг...
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek
Ещё видео!