Transparency International'га кўра, 2018 йилда Ўзбекистон коррупция рейтингида 158-ўринни эгаллаган. Ундан бир йил аввалги рейтингда Ўзбекистон 157-ўринда эди.
Журналист Қобил Хидировнинг ёзишича, охирги йиллар давомида коррупцияга қарши эълон қилинаётган декларатив ва формал чиқишларни ва маиший даражада порахўрликка қарши олиб борилаётган кўргазмали ҳаракатларни инобатга олмаса, тузукроқ ўзгариш бўлгани йўқ.
«Давлат амалдорлари ва уларнинг қариндошлари даромадлари ва мол-мулкларини мажбурий декларациялаш ва ОАВда эълон қилиниши юз бердими? Йўқ. Давлат амали бойишнинг энг асосий манбаилигича қолмоқда. Йирик харидларни фақат банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириш механизми амалга ошдими? Йўқ. Айнан нақдликлар ҳисобига амалга оширилаётган йирик харидлар (уй-жой, авто, улушлар) ноқонуний жамғарилган пул ювишнинг примитив воситаси сифатида қолмоқда. Йирик давлат компаниялари (афсуски, уларнинг аксари акциядорлик жамияти ҳам эмас) ва фондларнинг молиявий очиқлиги ва шаффофлиги йўлга қўйилдими? Йўқ. Айнан йирик давлат компаниялари ва фондлар откатлар, самарасиз харидлар ва лойиҳаларнинг манбаи бўлиб қолмоқда", - деб ёзади журналист.
Лондон Университети SOAS коллежи тадқиқотчиси, сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовга кўра, Президент Шавкат Мирзиёев қўли остида охирги уч йилда қатор ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда баъзи тараққиётга эришилди. "Лекин, қонун устиворлиги ва коррупцияга курашишда тараққиётни нолга яқин."
"Агар бошқа собиқ совет республикалари билан солиштирсангиз, Болтиқбўйи давлатларини айтмаяпман, ҳеч бўлмаса Украина, Молдова, Грузия ва охирги пайтларда Арманистонда қатор аксилқоррупцион механизмлар ишлаб чиқилган. Бу механизмлар давлат харидлари, контракт ва лицензиялар олиш учун тендерлар шаффоф бўлишини таъминлайди, давлат амалдорлари даромадларининг декларацияси эса у ерларда оддий жараёнга айланган. Манфаатлар зиддияти тўғрисида қонунлар қабул қилинган. Афсуски, Ўзбекистонда биронта бу каби ўзгаришни кўрмаяпмиз", - дейди Ўзбекистондаги коррупция борасидаги ҳисоботлар муаллифи.
Ўтган май ойида Президент Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш давлат дастурини эълон қила туриб, давлат хизматчилари ва амалдорлар, ҳамда уларнинг оила аъзолари даромадлари декларация қилинишини эълон қилганди.
Аммо, Илҳомовга кўра, у ҳали ҳам ҳаётга тадбиқ қилинмади.
"Дастурнинг таркиби анча яхши, у икки йилга мўлжалланган, аммо ҳозирча унинг тадбиқ этилаётганини кўрмаяпмиз. Вазият май ойигача қандай бўлган бўлса, шундайлигича қоляпти. Бунга менимча, сиёсий ироданинг йўқлиги, ҳамда коррупцияга қарши кураш аслида давлат равнақи учун яхшилиги ва тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда қонун устиворлиги ўрнатилиши муҳим эканини ҳукуматда англаб етилмагани сабаб бўляпти", - дейди у.
BBC News O'zbek - BBC News O'zbek tilida, onlayn, TV va ijtimoiy tarmoqlarda
Ещё видео!