Тожикистон милиционерлари полиция бўлади, Ўзбекистон-чи?
Тожикистон ички ишлар ходимларининг янги формаси 1 мартда тайёр бўлади. Унда одатдаги "милиция" сўзи ўрнига "полиция" ёзилади. Ўзбекистонда ҳам "милиция" сўзи қонунчиликдан чиқариб ташланган, бироқ расмий Тошкент ички ишларга янги форма тайёрлаётган бўлса-да, "полиция" сўзини ишлатмаяпти.
Тожикистон милициясининг янги формаси қандай кўринишда бўлиши маълум эмас. Бироқ уни таёрлашда Тожикистоннинг минтақаларидаги иқлими ҳисобга олинади ва ёруғликни қайтарувчи деталларни ўзида жамлайди.
Аёлларнинг юбкаси тиззадан юқори бўлмайди. Аёл полициячилар пошнали туфли кийиши мумкин, аммо унинг баландлиги 4,5 см.дан ошмайди.
Тожикистон постсовет ҳудудларида "милиция" сўзидан воз кечиб, "полиция"ни танлаш бўйича тенденцияни давом эттирган.
Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Туркманистон олдинроқ милиция сўзидан воз кечган эди.
2011 йили Россия милицияси полицияга ўзгартирилди.
Умуман собиқ совет давлатлари ичида "милиция" сўзини сақлаб қолган давлатлар озчиликни ташкил қилади.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг орадан 25 йил ўтиб, ўша вақти муваққат президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил 16 сентябрда "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунни имзолаган.
Ушбу қонунда милиция сўзидан воз кечилганини кўриш мумкин.
Милиция сўзини ички ишлар органи ходими атамаси эгаллаган.
Шу тариқа Ўзбекистон собиқ шўро давлатлари орасида милиция ҳақидаги қонунни қабул қилган энг сўнгги давлат бўлган.
Бунга қадар Ўзбекистон милицияси 1990 йилда қабул қилинган Низом асосида ишлаб келаётганди.
Милиция атамасидан воз кечилган бўлса-да, 2017 йилнинг 19 августига келиб, Тошкент шаҳрида олд ойнасига инглизча Police, яъни полиция ёзуви туширилган мотоцикллар гуруҳи пайдо бўлди.
Тошкент шаҳар ИИББ Тарғибот-ташвиқот бўлими раҳбари Алишер Абдуқодировнинг Би-би-сига айтишича, Police сўзи мотоцикллар четдан келтирилгани учун шундай қолган.
"Бу чет элдан, Япониядан олиб келинган бўлгани учун, Хонда, заводда ишлаб чиқилган ҳаммаси, ёзувлари ҳам. Биз ҳеч қандай ўзгартириш киритмадик. Бу ҳозир тажриба тариқасида қилинмоқда. Тўлиқ ишга тушгандан сўнг Police сўзининг қолиш қолмаслиги раҳбариятга боғлиқ", деганди Алишер Абдуқодиров.
2018 йилнинг август ойида Ички ишлар вазирлиги орган ходимларининг янги формаси устида ишлаётганини билдирди.
Октябр ойига келиб ушбу формаларнинг намуналари интернетга сиздирилди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: [ Ссылка ]
Ещё видео!