7 ноябрь куни «Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси муҳокамасига ажратилган муҳлат тугайди.
Муаллифи Давлат божхона қўмитаси бўлган бу қарор лойиҳаси 23 октябрь куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида фақат бир тил – рус тилида эълон қилинган.
Президентнинг бу қарори ўзбекистонликларнинг яқин ва узоқ хориждан ўзи ва оиласи эҳтиëжи учун қилган хариди умум қиймати 300 доллардан ошса¸ 2020 йил 1 январидан бошлаб унга 50 фоизгача бож солишни назарда тутади.
Амалдаги тартибга кўра¸ ўзбекистонликлар аэропорт орқали четдан 2000¸ темир йўл орқали 1000¸ чегара ўтказиш пункти (қўшни давлатлар - таҳр.) орқали эса 300 АҚШ доллари қийматидаги истеъмол товарларини божсиз олиб ўтиши мумкин.
Лойиҳа муҳокамасида фикр билдирган ўзбекистонликларнинг деярли ҳаммаси уни “халқнинг сабрини тўлдирадиган ҳаракат” сифатида баҳолаган.
Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси расмийлари Озодликнинг бу қарор лойиҳаси ва унга нисбатан билдирилаëтган кескин эътирозларга оид сўровига муносабат билдирмади.
Озодлик билан шахси сир қолишини сўраб гаплашган тадбиркор ва мулозимлар¸ бу лойиҳани жорий ҳукмрон элитанинг импорт устидан тўлиқ монополия ўрнатиш уриниши деб баҳолади.
Ещё видео!